Черчиллнинг хати аукционга қўйилди

Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Уинстон Черчиллнинг 1929 йилдаги мактубида, унинг сиёсатдан кетиш ҳақида ўйлагани ёзилган. Хат келаси ҳафта Лондонда ким ошди савдосига қўйилади.

Буюк Британиянинг Иккинчи Жаҳон Уруши даврида Бош вазири бўлган Черчилл ўзининг дўсти Сэр Фредерик Понсонбига ёзган мактубида, парламентга аъзо бўлишдан кўра, қизиқроқ ва даромадлироқ касбни эгаллаш истаги ҳақида ёзган.

У мактубни 1929 йил 8 августда, Парламентдаги мунозарадан сўнг Атлантика океанини кесиб ўтаётганда ёзган ва у шундай деган:

“Сиз унутмаслигингиз керакки, Умумий палата менинг доимий театримдир ва агар мен энди унда фаол иштирок эта олмасам, сиёсатнинг бироз оғир йўлидан воз кечиб, бошқа, ёқимли ва даромадли касбларни эгаллаш вақти келди”.

Хат Бонҳам аукционида 15 сентябрда ким ошди савдосига қўйилади ва унинг нархи 4000 дан 6000 фунтгача бўлиши кутилмоқда.