Болалар порнографияси тарқатувчиси 27 йилга қамалди

Дунёдаги энг катта болалар порнографияси тарқатувчиси бўлган ирландиялик фуқаро АҚШ Федерал суди томонидан 27 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Икки йил олдин Ирландиядан экстрадиция қилинган Эрик Эйн Маркес 21 йилдан 27 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши кутилаётган эди.

У ўтган йилнинг февраль ойида болаларга нисбатан зўравонлик тасвирларини тарқатишни уюштирганлик бўйича айбини тан олди. Қўшма Штатлар ва Ирландия фуқароси бўлган Эрик 2008 йил июль ойидан 2013 йилнинг июлига қадар аноним веб-хостинг хизматидан фойдаланган ҳолда болаларга нисбатан қўлланилган жинсий зўравонликнинг миллионлаб тасвирларини тарқатган.

АҚШ ҳукумати унинг веб-хизмати “болаларни жинсий эксплуатация қилишга қизиққан ўнлаб жиноий жамоаларга мезбонлик қилганини ва бу зўравонликнинг миллионлаб тасвирларини тарқатганини” айтди.

Эрик болаларни порнографиясининг энг оғир шаклларини сотиб олиш ва сотиш билан шуғулланадиган веб-сайтларга ўзининг улкан серверлар тармоғини ижарага берганликда айбланган. Айтилишича, у беш йил давомида 1,15 миллион евро ишлаб топган.

У 2013 йилнинг августида Дублиннинг Маунтжой майдонидаги квартирасида АҚШнинг расмий талабига биноан ҳибсга олинган. Унинг АҚШга экстрадицияси 2015 йилда тасдиқланган.