БМТ Бош котиби ва Буюк Британия Бош вазири иқлим бўйича конференция ўтказади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ва Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон 20 сентябрь куни иқлим бўйича давра суҳбатини ўтказадилар. Бу ҳақида пайшанба куни ташкилот раҳбарининг расмий вакили Стефан Дюжаррик маълум қилди.

“Бош котиб ва ​​Британия бош вазири иқлим ўзгариши бўйича ҳаракатлар стратегияси доирасида норасмий давра суҳбати ўтказадилар”, – деди у матбуот брифингида.

Дюжаррикнинг қўшимча қилишича, йиғилишда ҳукуматлар томонидан иқлим ўзгариши бўйича зарур мақсадларга эришиш учун тўлдирилиши керак бўладиган “бўшлиқлар” мавзуси муҳокама қилинади.

Пайшанба куни Гутерриш барча мамлакатларни атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар миқдорини сезиларли даражада камайтиришга чақириб, акс ҳолда дунё иқлим ўзгаришининг янада салбий оқибатларига дуч келиши ҳақида огоҳлантирди. Мамлакатлар асрнинг ўрталарига келиб чиқиндилар миқдорини нолга етказиши ва бунга эришиш учун ишончли ва узоқ муддатли стратегияни тақдим этишлари кераклиги таъкидланди.