Байден АҚШ сайловларига аралашишнинг олдини олиш бўйича фавқулодда ҳолатни узайтирди

АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлардаги сайловларга аралашишни олдини олиш бўйича фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонни яна бир йилга узайтирди.

“Мен 13848-сонли фармон билан эълон қилинган миллий фавқулодда вазият тизимини Қўшма Штатлар сайловларига ташқаридан аралашиш хавфи фонида яна бир йилга узайтираман”, деди Байден, Оқ уй тарқатган баёнотда.

“Гарчи бирон бир хорижий давлат АҚШда ўтказилган сайловлар давомида овоз бериш ёки овозларни санаш натижаларини ўзгартирганига ҳеч қандай далил бўлмаса-да, ташқи кучлар тарихан АҚШнинг эркин ва шаффоф сиёсий тизимидан фойдаланишга интилишган”, дея қўшимча қилди у.

Бу фавқулодда ҳолат тизими 2018 йил 12 сентябрдан, собиқ президент Доналд Трамп маъмурияти томонидан жорий қилинган.

Бу фармон Америка Қўшма Штатлари сайловларининг натижаси ва ўтказилишига таъсир кўрсатишга ёки сайлов тизимига зарар етказишга уринишда гумон қилинаётган гуруҳларга қарши турли санкцияларни қўллаш учун ҳуқуқий асос беради.

Ушбу фармон асосида АҚШ Россиянинг бир қанча шахслари ва ташкилотларини АҚШ сайловларига аралашганликда гумон қилиб, уларга қарши санкциялар жорий этди.