Байден 11 сентябрь ҳужумлари бўйича ҳужжатларни махфийликдан чиқаришга кўрсатма берди

Президент Жо Байден 2001 йил 11 сентябрь терактлари билан боғлиқ баъзи ҳужжатларни махфийликдан чиқаришга кўрсатма берди.

Ҳужумлар содир этилганининг 20 йиллигига бир ҳафтадан кўпроқ вақт қолганида берилган ушбу буйруқ, ҳукумат ва фуқаролар ўртасидаги қандай махфий маълумотларни ошкор қилиш мумкинлиги борасидаги кўп йиллик тортишувларнинг муҳим натижасидир. Бу можаро, айниқса, ўтган ойда, қурбонларнинг кўплаб қариндошлари, ҳалокатдан омон қолганлар ва биринчи тиббий ёрдам ходимлари, агар ҳужжатлар яна махфий қоладиган бўлса, Байденнинг 11 сентябрь воқеаларига бағишланган тадбирда қатнашишига қарши чиқишганида яққол намоён бўлди.

Буйруқ Адлия вазирлиги ва бошқа ижро ҳокимиятларига ҳужжатларни махфийликдан чиқаришни бошлаш вазифасини юклайди ҳамда махфийликдан чиқарилган ҳужжатларни келаси олти ой ичида эълон қилиш талабини қўяди.

Шунингдек, Нью-Йорк федерал судида узоқ давом этган тортишувларда Саудия ҳукуматини жавобгарликка тортиш масаласи илгари сурилмоқда. Саудия Арабистони расмийлари ҳужумлардан олдин террорчиларнинг бир қисмини қўллаб-қувватлаганликда айбланмоқда.

Саудия Арабистони ҳукумати ҳужумларга алоқадорликни рад этган.