АҚШ америкалик журналистни ўғирлаш режаси учун 4 нафар эронликка қарши санкция киритди

Жума куни АҚШ ҳукумати америкалик журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячисини ўғирлаш режаси туфайли Эрон разведкасига алоқадор бўлган 4 кишига санкция жорий этишини эълон қилди.

АҚШ Ғазначилиги, санкциялар Эрон разведка ва миллий хавфсизлик вазирлигига алоқадор бўлган 4 кишига, яъни Али Ризо Фарахоний, Маҳмуд Хазин, Амид Нурий ва Кия Садиқига нисбатан қўлланилганини маълум қилди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен санкциялар ҳақидаги баёнотида Эрон АҚШнинг бошқа фуқароларини, шу жумладан АҚШнинг амалдаги ва собиқ амалдорларини нишонга олишда давом этаётганидан хабардорлигини айтди.

Санкциялар АҚШ прокурорлари июль ойида эронлик икки журналистни, Теҳронни танқид қилиб келган Эронда туғилган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Масиҳ Алинежодни ўғирлашда айблаганидан кейин киритилди.

Собиқ президент Доналд Трамп давридан бери Қўшма Штатлар Эрон ва у билан ҳамкорлик қилаётган баъзи томонларга қарши мамлакат иқтисодиётининг энг муҳим тармоқларига, хусусан нефт ишлаб чиқариш ва сотишга қарши бир қатор оғриқли чеклов чораларини қўллади.

АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп маъмурияти Эрон билан тузилган ядровий битимдан чиқди, аммо унинг вориси Жо Байден Теҳрон билан шартномани тиклаш ҳақида билвосита музокараларни бошлади.

Ўз навбатида, Эрон расмийлари Қўшма Штатларни Эронга қарши иқтисодий ва тиббий терроризм амалиётида айбламоқда.