Apple энди iPhone лардан қувватлантириш портини ҳам олиб ташлаши мумкин

Европа Комиссияси смартфон брендлари ва бошқа электрон ускуналар ишлаб чиқарувчилар учун ягона турдаги портга эга қувватлантирувчи маҳсулотларни йўлга қўйишни мажбурий қилиш таклифи билан чиқди. Агар таклиф Европа Парламенти томонидан маъқулланса, брендлар 24 ой ичида талабга жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқаришлари керак.

Таклифда илари сурилишича, қурилмалар фақат USB Type-C умумий порти ўрнатилган ҳолда ишлаб чиқарилиши керак. Бу Андроид брендлари учун унчалик муаммо бўлмайди, лекин талаб Apple компаниясига жиддий таъсир қилиши кутилмоқда.

Энди Apple қаршисида иккита танлов бор. Корхона Type-C портли iPhone ларни ишлаб чиқариши ёки келажакда портлардан бутунлай воз кечиши керак. Еврокомиссия вакили “агар қурилма симсиз қувват оладиган бўлса, USB-С порти ўрнатилиши шарт эмас” лигини тасдиқлади.

Apple аллақачон янги MagSafe симсиз қувватлантириш технологиясини 2020 йилда iPhone 12 смартфонларини тақдимоти давомида таништирган эди. Эҳтимол, Apple қувватлантириш портини iPhone лардан бутунлай олиб қўйиши мумкин.

Apple смартфонларидан қулоқчинлар ва қувватлантирувчи қурилмаларни олиб ташлашдан олдин кўп ўйланиб ўтирмаган. MagSafe технологияси мавжуд бўлгани ҳолда, Apple қувватлантириш портини ҳам бутунлай йўқ қилиш томон яна бир дадил қадам ташлаши кутилмоқда.