Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Ашраф Ғанининг қочиши ҳақида гапирди

“Афғонистон президенти Ашраф Ғани Мудофаа вазирлигида йиғилиш режалаштирилган куни мамлакатдан чиқиб кетди ва бюджет пулларини ўзи билан олиб кетди”, – деди мамлакатнинг Тожикистондаги элчиси Зоҳир Агбар РИА Новости билан суҳбатда.

“Ғани нафақат ўз тарафдорларини ўз ҳолига ташлаб қочди, балки одамлардан бюджет пулларини тортиб олди. Ўринбосарларидан ҳеч бири унинг қочишни режалаштирганини билмас эди”, – деди Агбар.

Элчининг қўшимча қилишича, қочган куни Ғани Мудофаа вазирлигига қўнғироқ қилиб, соат 16:00 га қадар у ерда бўлишга ваъда берган. Ўша вақтнинг ўзида самолёт Президент билан Кобулдаги аэропортдан ҳавога кўтарилган.

Бундан ташқари, Агбар давлат раҳбарини ҳукуматдан “ҳалол амалдорлар”ни олиб ташлашда ва уларни тажрибасизлар билан алмаштиришда айблади. Унинг фикрича, бу мамлакатни толиблар томонидан тез босиб олинишига сабаб бўлган.

15 августда толиблар Кобулни эгаллаб олишди ва бутун Афғонистон устидан назоратни қўлга киритганларини ҳамда уруш тугаганини эълон қилишди.

Шу куни Ғани мамлакатни тарк этди. Президентнинг сўзларига кўра, у буни қон тўкилмаслиги учун қилган. Қочганидан кейин давлат раҳбари БАА дан бошпана топган.