Йўл қурилишида Иорданиялик аскарнинг суяклари топилди

12-август куни Қуддуснинг Гиват ха-Тахмошет туманидаги трамвай йўллари қурилишида инсон суяклари топилди.

Икки ҳафта аввал айни ерда иккита ракета ҳам топилган бўлиб, мазкур туманда 1967-йил июнида Олти кунлик урушнинг энг шиддатли жанглари бўлиб ўтган эди.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, мазкур суяк ўша тарихий жангларда қатнашган бир Иорданиялик аскарга тегишли бўлиши мумкин. Скелетнинг ёнида каска, газдан ҳимояловчи шлем, пичоқ, соатлар ва узук ҳам бўлган.

Воқеа жойига полиция ва суд-медэкспертиза ходимлари етиб келган.

Ynet сайтининг хабар беришича,булар билан бирга бошқа буюмлар ҳам топилган, аммо уларнинг тўлиқ рўйхатини эълон қилишга ҳозирча рухсат берилмаган.

Сайтдаги маълумотларга кўра,1-августда мазкур туманда трамвай йўллари қурилишида олиб борилган қазишма ишларида иккита  АҚШда ишлаб чиқарилган ракета ва Исроилда ишлаб чиқарилган фляга ҳам топилган эди.

Ракеталарда улар ишлаб чиқарилган сана, яъни 1956-йил декабри муҳр сифатида босилган эди. Тахминан ўша вақтда Америкаликлар бундай ракеталарни урушда ишлатиши учун Иорданияга юбораётган эди.