Январь ойида АҚШ Капитолийсида бўлган полициячилар ишдан бўшатилди

Сиэтл полицияси бошлиғи Адриан Диаз жума куни 6 январь қўзғолони пайтида Вашингтонда бўлиб ўтган намойишларда қонунни бузганлиги айтилаётган икки полициячини ишдан бўшатди.

“Жуфтлик Кейтлин ва Александр Эвереттлар “Капитолий полицияси томонидан ўрнатилган тўсиқлардан ўтиб, тўғридан-тўғри Капитолий биноси ёнида бўлгани учун” ишдан бўшатилган”, – деди Диаз.

Диаз, шунингдек, ўша куни офицерларнинг Капитолийда бўлишини “бизнинг касбимизга ва бутун мамлакат бўйлаб ҳар бир офицерга нисбатан қилинган ҳурматсизлик” деб атади.

Сиэтл полицияси томонидан эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, офицерлар Капитолий биносидан 27-45 метр масофада майса устида бўлганларини ва ҳеч қандай тартибсизлик аломатларини кўрмаганликларини айтишган.

Эр-хотиннинг Капитолий яқинида бўлгани Кейтлин Эверетт ўзи ва эри Александр Эвереттнинг фотосуратини Facebook да жойлаштирганидан сўнг ошкор бўлди. Кейинроқ яна тўрт нафар офицерлар у ерга борганликларини тан олишган, лекин улар исёнда иштирок этмаганликларини айтишган.

Ўтган ой Сиэтл полицияси томонидан олиб борилган тергов шуни кўрсатдики, Эвереттлар АҚШ Капитолийсига бузғунчилар бинога бостириб кирган пайтда ҳудуд чегарасини кесиб ўтиб, қонунни бузишган. Полиция интизом ҳисоботида белгиланишича, улар ўша пайтдаги фаолиятлари ҳақида ҳам ёлғон гапиришган.