Хитойда пуфаксимон вабо тарқалмоқда

Хитой ҳукумати мамлакат шимоли-ғарбидаги Нинся-Хуэй автоном туманида бир кишининг пуфаксимон вабо касаллигига чалинганлигини қайд қилди. Бу ҳақда 22 август куни гигиена ва соғлиқни сақлаш ишлари бўйича маҳаллий қўмита хабар берган.

Қўмита расмий сайтида айтилишича, касалликка чалинган шимолдаги Шицзуйшань шаҳрида яшайдиган 55 ёшли аёл бўлиб, у қўшни Ички Мўғўлистон автоном туманида чорвачилик билан шуғулланиб келган. Шифокорлар унинг ҳолатини оғир деб баҳолашмоқда.

Аёл илк бора ўзида касаллик аломатларини 14 август куни сезган. Ҳукумат касалликнинг бошқа ҳудудларга ҳам тарқаб кетмаслиги борасида тезкор чораларни кўрмоқда.

Хитой эпидемиологик назорат органлари вақти-вақти билан мамлакат шимолидаги даштли ҳудудларда ва қўшни Мўғўлистонда вабога чалиниш ҳолатларини қайд қилади. Кўпинча вабонинг сабаби кемирувчи ҳайвонлар гўштини истеъмол қилиш ва улар ташиб юрган инфекцияни юқтириб олишдир.