Xiaomi нинг икки махсулоти ақл бовар қилмас тезликда сотилди

Xiaomi янги Mi Pad 5 планшетлар серияси ва Mi Mix 4 смартфонининг сотув кўрсаткичлари билан ўртоқлашди. Ажабланарлиси шундаки, иккаласи ҳам бир неча дақиқада юз минглаб нусхада сотилган. Xiaomi Mi Mix 4, Xiaomi Mi Pad 5 ва Xiaomi Mi Pad 5 Pro ҳозирда захирада қолмаган.

Xiaomi Mi Mix 4 смартфони 10 августда сотувга чиқарилган кунининг биринчи дақиқасида компанияга 300 миллион юань (46,3 миллион АҚШ доллари) миқдорида маблағ олиб келган. Корхона ижрочи директори Лу Вейбиннинг айтишича, телефон ҳозирда захирада мавжуд эмас, лекин тез орада яна сотувга чиқади.

Mi Pad 5 ва Mi Pad 5 Pro/Pro 5G га келсак, янги Xiaomi планшетлари ҳам ҳайратланарли савдо кўрсаткичларига эришган. Ушбу 11 дюймли Андроид планшетларининг 200 минг донаси сотувга чиқарилганининг дастлабки беш дақиқасида ўз эгаларини топишга улгурган. Бу эса Apple iPad Pro нинг рақобатчисини жуда қиммат бўлмаган нархга сотиб олиш мумкинлигидан далолат беради.

Дарҳақиқат, Xiaomi учун нарх стратегияси ҳал қилувчи роль ўйнайди. Mi Mix 4 смартфонининг нархи 4999 юань (772 АҚШ доллари) дан бошланади, Mi Pad 5 нинг бошланғич нархи эса 1999 юань (309 АҚШ доллари). Иккаласини ҳам юқори даражали компонентларга ва тезкор прoцессорларга эга бўлган аъло сифатли маҳсулотлар деб таснифлаш мумкин ва улар Xiaomi нинг Samsung ва Apple ни енга олиш қобилиятини кўрсатиб беради.