Уйига қайтадиган мигрантларга пул тўланади

Литва ҳукумати ўз ҳоҳиши билан уйига қайтадиган ноқонуний мигрантларга 300 евродан тўлашга ваъда берди. Бу ҳақда LRT радиостанциясининг жонли эфирида Литва Ички ишлар вазирлиги Миграция департаменти бошлиғи Эвелина Гудзинскайте хабар берган.

Унинг айтишича, пуллар мигрантларга аэропортда рейсдан аввал берилади. Аммо Литвага қайтиб келганлар такрор мазкур суммани талаб қилолмайди.

Литва ҳукумати Беларусдаги Лукашенко режимини мигрантлар билан боғлиқ вазият сабабли айблаб келмоқда. Расмий Литва Беларус президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановскаяга сиёсий бошпана берган эди. Аммо Минск бу айбловларни тан олмаяпти.