Туркманистон, Ўзбекистон ва Россия вакиллари Толибон билан музокара ўтказди

Туркманистон, Ўзбекистон ва Россия дипломатлари делегацияси Қатарда Толибоннинг сиёсий масалалар бўйича комиссияси раҳбари билан музокара ўтказди.

Музокаралар чоғида минтақавий муаммолар, шунингдек, Афғонистон ва Марказий Осиё республикалари ўртасидаги савдо муносабатлари муҳокама қилинган.

Толибон матбуот котиби Суҳайл Шоҳиннинг твиттерда хабар беришича, Барадар Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов билан музокара ўтказган.

Толибон вакилининг ўтган ой Озодликка айтишича, ҳаракат делегацияси Ашхободга борган ва у ерда туркман расмийлари билан “икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий алоқалар, шунингдек хавфсизлик ва чегара муаммолари”ни муҳокама қилган.

Туркман-афғон қўшма чегарасининг узунлиги 800 километрни ташкил қилади.

АҚШ президенти Жо Байден аввалроқ АҚШ қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиш сентябрь ойининг бошига қадар якунланишини айтганди. Бу сана яқинлашар экан, Толибон Афғонистон ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумни кучайтирди ва бир неча вилоятлар, шунингдек, чегара ўтиш пунктлари устидан назорат ўрнатди.

Хабарларга кўра, юзлаб афғонлар, жумладан ҳарбийлар ва полициячилар, қўшни Марказий Осиё мамлакатларига қочиб ўтишган. Толибоннинг жанг майдонидаги ютуқлари Қобулда Ғарб томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳукуматнинг қулаши бўйича хавотирни кучайтирмоқда.