Туркия АҚШнинг афғон қочоқлари дастурини амалга оширишда иштирок этишдан бош тортмоқда

Туркия, бу қадам минтақада “катта миграцион инқироз” бошланишини ҳисобга олиб, Вашингтон билан ҳамкорлиги учун “Толибон” ҳаракати қасос олиши мумкин бўлган Афғонистон фуқароларини жойлаштиришга рухсат берувчи Америка дастурини танқид қилди.

Бу АҚШ Давлат департаменти ўтган душанба куни минглаб афғонларни АҚШга қочоқ сифатида жойлаштиришга рухсат берадиган янги дастурни эълон қилганидан кейин содир бўлди. Дастурга кирган афғонлар учинчи давлатга келишлари керак, у ерда уларнинг аризалари кўриб чиқилишини 12 ойдан 14 ойгача кутишади.

Давлат департаментининг юқори лавозимли расмийси Вашингтон қўшни давлатлар билан потенциал оқим ҳақида музокаралар олиб борганини айтиб, Покистон чегаралари Афғонистон билан очиқ қолиши муҳимлигини, қолганлари Эрон орқали Туркияга бориши мумкинлигини қўшимча қилди.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Танжу Билгич сешанба кунги баёнотида, унинг мамлакатини афғонлар учун миграция йўли деб аталишидан бош тортганини, Туркия тўрт миллиондан ортиқ муҳожирлари бўлган, қочоқларни қабул қилган дунёдаги энг катта давлат эканлигини айтди.

У: “Биз АҚШ маслаҳатлашмасдан қабул қилган масъулиятсиз қарорни қабул қилмаймиз. Агар АҚШ бу одамларни ўз ҳудудига ўтказмоқчи бўлса, уларни тўғридан-тўғри самолёт билан ўтказиши мумкин”, дея қўшимча қилган.

Юзлаб афғонлар сўнгги ҳафталарда ўз мамлакатида зўравонлик авж олган пайтда Туркия чегарасини кесиб ўтди ва бу янги миграция тўлқини хавфини кучайтирди.