Токио-2020: Ўзбекистон

Эркин курашчимиз Жавраил Шапиев Олимпиа ва жаҳон чемпионига қарши баҳс олиб борди. Рақиб Рио-2016 Олимпиадаси ва икки карра жаҳон чемпиони эронлик Ҳасан Яздани бўлди. Шапиев тажрибали рақибига қарши муносиб курашди. Бироқ Яздани якунда ғалаба қозониб, кейинги даврага йўл олди. Энди эронлик курашчи финалга борган тақдирда Шапиевда бронза учун курашиш имкони бўлади.

Каноеда эшкак эшиш бўйича юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган вакилаларимиз Дилноза Раҳматова ҳамда Нилуфар Зокирова чорак финал баҳсини ўтказишди. 200 метр масофага кечган беллашувда дастлаб Нилуфар Зокирова ўз гуруҳида 48.995 сония натижа билан олтинчи бўлиб маррага етиб келди. Иккинчи гуруҳда Дилноза Раҳматова 46.645 сония кўрсатди. Афсуски, бу натижа иккинчи ўринни қўлга киритган россиялик спортчидан 0.008 сония пастроқ натижа бўлди ва Раҳматова ҳам ярим финалга йўл ололмади. Регламентга кўра, чорак финалда ўз гуруҳларидан энг яхши натижа қайд этган икки нафардан спортчи кейинги даврада иштирок этади. Энди ҳамюртларимиз жуфтлик баҳсларида қатнашадилар.

Ғуломжон Абдуллаев (-57 кг) эркин курашчиларимизнинг илк ғалабасига муаллифлик қилди. Мингху Лиуга қарши кечган қизиқарли курашда Абдуллаев ғалабани ўз фойдасига ҳал қилди ва чорак финалга йўл олди. Ҳамюртимиз чорак финал босқичида сўнгги 2 жаҳон чемпионатининг ғолиби россиялик Заур Угуев рақиблик қилди. Дастлаб Абдуллаев ҳисобда ортда қолаётган эди. Кейин тарозини ўз палласига оғдира олди. Бир неча сония қолганида россиялик полвон ҳисобни тенглаштириб, сўнгги баллни қўлга киритгани эвазига ғалабани илиб кетди. Энди Угуев финалга борган тақдирда Абдуллаев бронза медали учун курашади.

Олимпиада эркаклар орасида бокс бўйича +91 кг вазнда финал йўлланмаси учун рингга кўтарилган вакилимиз Баҳодир Жалолов буюк британиялик Фрезер Кларкка қарши жанг қилди. Гарчи иккинчи раундда нокдаунга учраган бўлса ҳам рақибини мағлуб этиб финалга йўл олди. Баҳодир Жалоловнинг олтин медаль учун жанги Олимпиаданинг сўнгги кунида бўлиб ўтади. Вакилимиз америкалик Ричард Торресга қарши жанг олиб боради. Тўқнашув 8 август 11:15 да бошланади.