Токио-2020: Ўзбекистон

Бокс бўйича Рио-2016 чемпиони, ҳамюртимиз Шаҳобиддин Зоиров Токио-2020 Олимпиадасидаги юришини чорак финалда тўхтатмоқда. Боксчимиз ярим финал остонасида филиппинлик Карло Паламга қарши рингга кўтарилди. Иккинчи раунд ўтиб бораётган вақтда шифокорлар Зоировнинг жароҳати сабаб беллашувни давом эттиришга рухсат беришмади. Бу вазиятда қоидага кўра ўша пайтгача олинган очколар ҳисоб-китоб қилинади. Афсуски, бу борада устунлик филиппинлик боксчи томонида бўлди ва вакилимизнинг мағлубияти қайд этилди.

Афсуски, бугунги кун дастурида яна бир боксчимиз Токио-2020 Олимпия ўйинларини тарк этмоқда. Элнур Абдураимов ярим финал учун кечган беллашувда арманистонлик боксчига қарши рингга кўтарилди. -63 кг вазн тоифасидаги ҳамюртимизнинг чорак финалдаги рақиби Ховханнес Бачков бўлди. Абдураимов мазкур баҳсда рақибига имкониятни бой бериб қўйди ва шу нуқтада Олимпиада билан хайрлашди.

Делегациямиз ҳисобида яна бир йўқотиш. Боксчимиз Райҳона Қодирова чорак финал босқичида амалдаги жаҳон чемпионига имкониятни бой бериб қўйди. -60 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган боксчимиз бразилиялик Беатриз Феррейрага қарши рингга кўтарилди. Тажриба бобида рақибасидан анча устун бўлган Феррейра якунда ўз ғалабасини тантана қилиб, ярим финалга йўл олди. Бугун учинчи боксчимиз ҳам ярим финал учун кечган баҳсда Олимпиадани тарк этмоқда.

Юнон-рум курашчимиз Рустам Ассакалов Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларини ғалаба билан бошлади. -87 кг вазн тоифасида иштирок этаётган полвонимизга грузиялик курашчи рақиблик қилди. 2019 йил -82 кг вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Лаша Гобадзега қарши кечган беллашувда Ассакалов ҳисобда орқада қолаётганига қарамай ўзида ирода намойиш эта олди ва якунда ғалабани илиб кетди. Ассакалов кейинги даврада чорак финал баҳсини ўтказди. Унга ушбу босқичда хорватиялик Иван Хуклек рақиблик қилди. Муросасиз кечган курашда хорватиялик курашчи 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди. Энди Хуклек финалга етиб борган тақдирда Ассакалов бронза медали учун курашиш имконини сақлаб қолади.

Эртадан каноэчиларимиз Дилноза Раҳматова ҳамда Нилуфар Зокирова ҳам Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги иштирокини бошлайди. Вакилларимиз дастлаб эртага яккалик баҳсларида саралаш дастурида иштирок этишади.

olympic.uz