Тожикистон Афғонистонда инклюзив ҳукумат зарурлигини айтди

Тожикистон президенти Душанбеда Покистон ташқи ишлар вазири билан учрашди ва қатор масалалар, жумладан, Афғонистон юзасидан фикр алмашди.

Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший Афғонистондаги сўнгги воқеалар бўйича Исломободнинг нуқтаи назарини бўлишиш учун тўрт давлат – Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Эронга сафар қилмоқда.

Имомали Раҳмоннинг айтишича, Афғонистон коалиция кучлари олиб чиқиб кетилганидан кейин гуманитар ҳалокат ёқасида турибди.

Унинг айтишича, уруш давом этаётган мамлакатдаги мураккаб ва хавфли вазият нафақат афғонлар учун, балки минтақавий ва глобал муаммодир.

Пресс-релизда қайд этилишича, Тожикистон қўшни сифатида Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни тиклашга доимо ёрдам бериб келади ва бу позицияга содиқ қолади.

“Барча миллий озчиликлар, айниқса Афғонистон аҳолисининг 46 фоизидан кўпини ташкил этадиган тожиклар иштирокида инклюзив ҳукумат тузилиши керак”, – деди Имомали Раҳмон.

Унинг айтишича, Афғонистонда давлат тузилмаси референдум орқали аниқланиши ва мамлакатнинг барча фуқароларининг манфаатлари ҳисобга олиниши керак.

Президентнинг айтишича, Тожикистон, барча афғон халқлари, хусусан озчиликлар манфаатларини ҳисобга олмаган “зулм ва таъқиблар” натижасида тузилган бошқа ҳукуматни тан олмайди.

Баёнотда Покистон ташқи ишлар вазири Қурайшийнинг таъкидлашича, Покистон ҳам, Тожикистон ҳам иқтисодий ҳамкорлик ва алоқаларни мустаҳкамлашда тинч ва барқарор Афғонистондан манфаатдор.

Тожикистон президенти сентябрь ойида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида Покистон Бош вазири Имрон Хонни ҳам кўришни орзиқиб кутаётганини айтди.