Стоунҳенждан ёши улуғвор тепа

Туркияда жойлашган Гобекли тепа цивилизация тарихи ҳақидаги олдинги қарашларни бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Ҳисоб-китобларга қараганда у Стоунҳенждан 6000 йил олдин қурилган.

25 йил олдин немис археологи Клаус Шмидт турк тоғининг тепасида биринчи марта қазиш ишларини бошлаганида, у кашф этган бинолар ғайриоддий, ҳатто ўзига хос эканлигига ишонч ҳосил қилган.

Урфа яқинидаги Гобекли тепа деб номланган оҳактош платосининг тепасида Шмидт 20 дан ортиқ думалоқ тошли деворларни топди. Улардан энг каттасининг диаметри 20 м бўлиб, баландлиги 5,5 м бўлган иккита тош устунни ичига олади. Турфа тасвирлар туширилган ўйилган устунлар 10 тоннагача тош босади. Бу иншоотларнинг ёши 11000 йил ёки ундан ҳам катта бўлиши тахмин қилинган. Тепа инсоният бошпанаси бўлиш учун эмас, балки бошқа мақсадлар учун қурилган энг қадимий монументал иншоот деган қараш бор.

Шмидт ва унинг жамоаси топган тош асбоблар ва бошқа далиллар шуни кўрсатадики, думалоқ тош корпуслар овчи-йиғувчилар томонидан қурилган. Жойларда ўн минглаб ёввойи ҳайвонларнинг суяклари топилган бўлсада, уй шароитида етиштирилган дон ёки бошқа ўсимликларнинг ҳеч қандай далиллари топилмади.

Шмидт бундан хулоса қилди-ки, тепаликда одамлар домий яшамаган, вақти-вақти билан бу ерга ташриф буюришган. Шунинг учун бу ерни “тепаликдаги собор” деб атади.

Германиянинг Дер Спиегел журнали тепалик атрофидаги серҳосил ўтлоқларни Адан боғига қиёслаган.

Кўп ўтмай, бутун дунёдан одамлар Гобекли тепани ўз кўзлари билан кўриш учун оқиб кела бошлади. Ўн йил ичида тепалик бутунлай бошқача қиёфага кирди. Охирги беш йил ичида Урфа чеккасидаги тоғ чўққиси яна бир бор қайта ўзгартирилди.

2018 йилда Гобекли тепа ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди ва Туркия туризм мутасаддилари 2019 йилни “Гобекли тепа йили” деб эълон қилди.