Россияда сув комбайни ихтиро қилинди

Россиялик ихтирочилар дарё бўйларини қоплаб оладиган кўк-яшил сувўтларини йиғиш ва қайта ишлаш учун махсус сув комбайни ихтиро қилдилар.

Цианобактерия деб ҳам аталадиган мазкур сувўтлари дарёлардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг қирилиб кетишига сабаб бўлаётгани учун анчадан бери маҳаллий олимларни ташвишга солиб келган. Ундан ташқари, улар туфайли сув ҳароратининг ошиши ҳам кузатилади.

 Мазкур муаммо билан курашадиган сув комбайни махсус ускуна билан жиҳозланган ва 4 тоннагача юкни кўтара оладиган ўзи ҳаракатланадиган понтон кўринишига эгадир. Комбайн 20 дақиқада транспортери ёрдамида бир тонна сувўтини йиғиши мумкин.

Ғоя муаллифи Евгений Кутузовнинг айтишича, йиғилган сувўтлари биореакторга солиниб, анаэроб бактериялар ёрдамида қайтадан ишланади. Натижада ҳам янги насл органик ўғит, ҳамда биогаз-метан ҳосил бўлади.

Сув комбайни илк тажрибалардан муваффақиятли тарзда ўтди.