Қора туйнук ортидаги ёруғлик кўринди

Олимлар қора туйнук орқасида ёруғлик пайдо бўлганини аниқладилар ва бу ҳодиса Алберт Эйнштейннинг машҳур бир назариясининг тўғрилигини яна бир бор исботлади.

Ёрқин рентген нурлари Қуёшдан 10 миллион марта каттароқ ва Ердан 800 миллион ёруғлик йили узоқликдаги галактикада жойлашган улкан қора туйнук атрофида кузатилди.

Олимлар илгари бу ҳодисанинг содир бўлишини иложсиз деб ҳисоблашган, чунки қора туйнуклар атрофдаги ҳамма нарсани ютиб юборади. Ушбу космик жисмнинг тортиш кучи шу даражада беқиёски, ҳатто ёруғлик ҳам ундан қочиб қутула олмайди.

“Қора туйнукка кирадиган ёруғлик қайтиб чиқмайди, шунинг учун биз қора туйнук орқасида турган нарсани кўра олмаймиз”, – деди Ден Уилкинс, Стенфорд университети етакчи тадқиқотчи олими.

28 июл куни Nature журналида чоп этилган илмий мақола ортидан НАСА нинг NuStar ва Европа космик агентлигининг XXM-Newton рентген расадхоналари ёрдамида қора туйнук ортидаги ёруғликни аниқлашга имкон яратилди.

Ёруғлик шунчалик ёрқин эдики, рентген нурлари қора туйнукка тушган газ дискини акс эттирди. Қора туйнук орқасидаги газли муҳитда акс этган ёруғлик унинг атрофида эгилиб, телескопларда кичикроқ чақнашлар кўринишида пайдо бўлди.

Олимларнинг айтишича, кузатувлар Эйнштейннинг нисбийлик назариясининг бир қисмини тасдиқлаган. Унга кўра тортишиш кучи қора туйнуклар атрофидаги нурни эгади.