Қарағандалик нафақахўр уйида вагон купеси қурди

Суратда кўриб турганингиз ҳақиқий вагон купеси бўлиб, одатдаги купелардан ягона фарқи-ғилдиракларининг йўқлиги, холос.

Умр бўйи локомотив депосида ишлаган Қарағандалик нафақахўр Рамазон Тусупбеков ўз уйида набираларининг ўйнаши учун ҳақиқий вагон купеси қурди.

Отахоннинг айтишича, у мазкур хонани иложи борича ҳақиқий купега ўхшатишга ҳаракат қилган. Юриб кетаётган поезд ва унинг ўзига хос товушларига эса телевизор ёрдамида эришиш мумкин. Купени қуришда отахонга  дўстлари ва собиқ ҳамкасблари ёрдам беришган. 

Рамазон ота энг кўп собиқ иттифоқ пайтида ишлаб чиқарилган стаканларни ушлаш учун ишлатилган идишларни топишда қийналганлигини айтади. Унинг ўзи ҳам баъзан купега келиб, касбига бўлган соғинчига бироз таскин топади ва набиралари билан  дам олади.