Пелорус Жек ҳақида афсона

Пелорус Жек 1888-1912 йиллар оралиғида 24 йил давомида Янги Зеландиянинг Кук бўғозида кемаларни кутиб олиш ва кузатиб қўйиш билан машҳур бўлган Риссо дельфини эди.

Фотосуратлардан маълум бўлишича, Пелорус Жек Янги Зеландияда топиш қийин бўлган Риссо туридаги дельфин бўлган. Уни кўпинча оқ ёки албинос деб таърифлашган.

Пелорус Жек биринчи марта 1888 йилда, Бриндл шхунерининг (камида иккита устунли ва устунларга елкан қадалган кема тури) олдида, кема Д’Юрвиль ороли ва Жанубий орол ўртасида жойлашган Франция довонига яқинлашганда пайдо бўлган. Экипаж аъзолари дельфиннинг кема олд тарафида шўнғиб сузаётганини кўргач, уни ўлдирмоқчи бўлишди, лекин капитаннинг хотини жамоани бу фикрдан қайтарди. Дельфин уларни ҳайратда қолдириб, кемага тор канал орқали йўл бошлашга киришди. Бундан кейин ҳам йиллар давомида у довонга келган ҳар бир кемага ишончли тарзда йўлбошчилик қилган.

Қоялар ва кучли оқимлар туфайли бу ҳудуд кемалар учун жуда хавфли ҳисобланади, лекин Жекнинг “навбатчилигида” ҳеч қандай кема ҳалокати содир бўлмаган.

Жекни охирги марта 1912 йил апрелда кўришган. Унинг ғойиб бўлиши билан боғлиқ турли миш-мишлар тарқалган. Айримлар уни гарпун билан ўлдирилган дейишади. Бироқ, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Пелорус Жек қари жонивор бўлган, шунинг учун у табиий сабаблардан вафот этганлиги ҳақиқатга анча яқин.