Ўзбекистонда “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументи очилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументи очилишига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади.

Боғ қурилиши ғояси ҳақида президент қуйидагича фикр билдирди «Биз тарихчи олимлар, ижодкор зиёлилар, нуронийлар ва ёшларимиз билан маслаҳатлашиб, “Янги Ўзбекистон” мажмуасининг ғоявий ва меъморий ечимларига алоҳида эътибор қаратдик.

Агар юқоридан назар ташласангиз, боғнинг шакли улкан дарахтнинг бешта шохига ўхшайди. Бу эса, Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини рамзий маънода ифода этади.»

Боғнинг марказий қисмида, таъбир жоиз бўлса, унинг юрагида ўхшаши йўқ муҳташам бадиий обида – Мустақиллик монументи барпо этилди.

«Биз бугун Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрамини кенг нишонлаяпмиз. Лекин, аслида, Ўзбекистон ҳудудидаги миллий давлатчилик тарихи 3 минг йилдан зиёд даврни ташкил этади.

Бу жаҳон фанида эътироф этилган илмий ҳақиқатдир. Ушбу монументни яратишда ана шу концептуал ғояни ёрқин ифода этишга ҳаракат қилдик.

Маълумки, эл-юртимиз ўзининг қадимий ўтмиши давомида қанча-қанча унутилмас воқеаларни, турли синов ва қийинчиликларни, зафарли даврлар билан бирга, фожиали кунларни ҳам бошидан кечирган. Лекин бир ҳақиқатни таъкидлаш керакки, Ватанимиз ҳудудида мавжуд бўлган ҳар бир давлатчилик тузуми, ҳар қандай ижтимоий жараён – у ғалаба ёки мағлубият бўладими, юксалиш ёки таназзул бўладими – барча-барчаси халқимиз босиб ўтган мураккаб тарихий йўлнинг узвий ва ажралмас қисмидир. Шунинг учун ҳам биз тарихимизнинг барча босқичларини яхлит ҳолда қабул қилиб, ҳар томонлама чуқур ўрганишимиз зарур.

Ўтмишдаги ютуқ ва ғалабаларидан куч-қувват олиб, хато ва мағлубиятларидан хулоса ва сабоқ чиқариб яшайдиган халқ ўзининг тараққиёт йўли ва келажагини тўғри белгилай олади», деди президент Шавкат Мирзиёев.

Президент тантанали очилиш тадбирида барча иштирокчиларни мустақиллик байрами билан табриклаб ўз сўзини якунлади.