Олимлар телескопик контакт линзаларни ишлаб чиқдилар

Швейцариялик тадқиқотчилар тасвирларни катталаштирадиган ва яқинлаштириб берадиган контакт линзалар устида ишламоқдалар.

Ушбу янги кашфиётни Швейцария Федерал Технология Институти вакили Эрик Тремблей Калифорнияда бўлиб ўтган Америка Илм-фанни ривожлантириш ассоциациясида тақдим этди. Ўз турида ягона бўлган кўришни кучайтирувчи янги инновацион тизим телескопик линзалар ва ақлли кўзойнаклар тўпламини ўз ичига олади. Махсулот кўзни очиб-ёпиш ва кўзни қисиш ўртасидаги фарқни англай олади. Фойдаланувчи шу икки ҳаракатни бажариш орқали тасвирни катталаштириши ёки меъёрий кўриш ҳолатига осонгина қайтиши мумкин.

Ҳали прототип босқичида бўлган линзалар бутун дунё бўйлаб кўриш қобилияти бузилган 285 миллионга яқин одамларга фойдали бўлиши мумкин.

Телескопик линзалар аслида ДАРПА (Илғор тадқиқот лойиҳалари идораси, АҚШ Мудофаа вазирлиги) томонидан молиялаштирилган бўлиб, улар дронлар учун ўта нозик камералар сифатида ишлаб чиқилган, бироқ кейинчалик кўриш қобилиятини яхшилаш механизмига айлантирилган.

Қалинлиги 1,5 мм бўлган линзалар ичида алюминий кўзгулардан иборат ҳалқа бўлиб, улар ёруғликни акс эттиради. Бу объектларнинг идрок қилинадиган ҳажмини оширади ва кўришни 2,8 марта катталаштириб беради. Science журнали маълумотларига кўра, катталаштирилган кўриш ҳолатига ўтиш учун фойдаланувчи ўнг кўзини қисиб қўйиши керак. Меъёрдаги кўришга қайтиш учун улар фақат чап кўзларини қисишлари кифоя.

Жамоа линзанинг биринчи турларидан буён кўпгина янгиланишларни амалга оширган бўлсада, у ҳали одамларда синовдан ўтказилмаган.