Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалоловнинг спорт маҳорати мактаби ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев кўп йиллар давомида спорт гимнастикаси билан шуғулланиб, халқаро миқёсда шуҳрат қозонган ажойиб спортчимиз – Оксана Чусовитинанинг хизматларини алоҳида ҳурмат билан тилга олди.

Чусовитинанинг илк Олимпиадаси 1992 йилда Барселона шаҳрида ўтган. Ўшандан буён у Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини узлуксиз ва кетма-кет саккиз марта қўлга киритди. Бу жаҳон спортида ҳақиқатдан бетакрор ҳолат бўлиб, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Оксана Александровнанинг навбатдаги иштироки Токио Олимпиадасининг муҳим воқеаси сифатида эътироф этилди. Дунё ҳамжамияти Оксананинг чиқишини катта завқ ва ҳаяжон билан кузатар экан, Чусовитинанинг матонатига, ўз ишига бўлган садоқатига тан берди, деди давлатимиз раҳбари.

“Ҳаётини спортга, бундай йирик мусобақада муваффақиятга эришишдек мақсадга бағишлаш учун зўр ирода ва фидойилик керак, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бундай афсонавий спортчимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Унинг мардлиги, ғалабага бўлган қатъий интилиши ёш спортчиларимиз учун муваффақият ва шуҳрат қозонишнинг ўзига хос ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда”, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари улкан хизматлари учун Оксана Чусовитинага “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони берилганини маълум қилди.

Президентимиз Оксана Чусовитина мураббийлик фаолиятини муваффақиятли олиб бориб, спорт гимнастикаси бўйича янги чемпионларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишига умид билдирди.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалоловнинг спорт маҳорати мактабини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти учун барча зарур шароитлар яратишга топшириқ берилди.

“Ҳурматли Оксана Александровна, Ватанимизга бўлган меҳрингиз ва садоқатингиз, спортдаги фидойилигингиз, букилмас ирода ва матонатингиз учун сизга яна бир бор катта миннатдорчилик билдираман”, – деди Президентимиз.