Обаманинг туғилган куни танқидларга сабаб бўлди

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама 60 ёшга тўлиши муносабати билан ўтказмоқчи бўлган туғилган кун кечаси, айниқса, республикачилар томонидан танқидга учради. Улар Обамани эпидемиянинг яна авж олган пайтида катта тадбир ўтказишда айблашади.

Дам олиш кунлари Мартас-Винъярд оролида ўтказиш режалаштирилган зиёфат АҚШда соғлиқни сақлаш бўйича асосий орган бўлган Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари кўрсатмаларига тўлиқ мос келади, деб хабар бермоқда Америка матбуоти, номаълум манбаларга таяниб.

Манбаларда айтилишича, у таклиф қилинганлардан ўз эмланганлик  ва салбий коронавирус тести натижасини сўраган.

Тадбир очиқ майдонда ташкиллаштирилади, унинг давомида ҳали номи айтилмаган “Ковид координатори” иштирок этади.

Бундан ташқари, АҚШ соғлиқни сақлаш агентлиги душанба куни Массачусетс штатидаги Мартас-Винъярд оролида инфекция юқишининг ўртача кўрсаткичи қайд этилганини айтди.