Норвегия блогерлар ва инфлюенсерлар ретуш қилиб ўзгартирилган суратларга белги қўйишга мажбур қилинади

2021 йилнинг 2 июлида Норвегия ҳукумати жамиятда замонавий гўзаллик стандартларининг тобора ёйилиб борилишининг салбий оқибатларига қарши муҳим бир қарор қабул қилди.

Рекламалардаги инсонларни идеаллаштириш оқибатида жамиятда юзага келган психологик таназзулни камайтириш учун эндиликда ретуш қилинган ва идеал шаклга оз-кўп яқинлаштирилган суратларга алоҳида белги қўйиш қонун йўли билан мажбурий ҳолатга келтирилди. Белги қўйилмаган суратларга жарима солинади, охирги чора сифатида эса қамоқ жазоси қўлланилади.

Гарчи мазкур қонун биринчи ўринда реклама берувчиларга тегишли бўлсада, ижтимоий тармоқлардаги машҳурлар, интернетда контент бериш орқали даромад топадиган ҳар қандай инсонлар учун ҳам мажбурийдир.

Бу борада психологлар нима дейди?

Норвегиянинг бу ташаббуси реклама туфайли инсоннинг ўз баданига ҳаддан ташқари талаблар қўйишининг олдини олиш ва энг ҳимоясиз қатлам: ёшлар ва аёлларни ҳимоя қилиш учундир. Норвегиялик психологлар рекламанинг халқ онгига таъсирини салбий баҳолашмоқда. Замонавий гўзаллик идеаллари ва кўзгудаги акс ўртасидаги фарқ инсоннинг депрессияга чалинишига, ўзини нуқсонли ҳис қилишига, булимия ва анорексияга сабаб бўлмоқда. Бу ҳолатлар суратларга график дастурлар орқали тери рангини ўзгартириш, доғларни йўқотиш, эффектлар қўшиш орқали ўзгартиришда кўринади. Бу ҳолат айниқса Фейсбук, ТикТок ва Инстаграмнинг актив фойдаланувчилари бўлган болалар ва ўсмирларда кўп кузатилмоқда.

Аммо бу қонуннинг баъзи ожиз томонлари ҳам бор. Масалан, ретуш қилинган суратнинг ҳақиқатдан ҳам қайта ишланганлигини исботлашни қийинлиги каби. Устига-устак, қиёфани тамоман ўзгартириб юбориши мумкин бўлган пластик амалиётлар ҳақида ҳам қонун чиқарувчилар ҳозирча бир нарса демаган.