Навоийда Ўрта Осиёда ягона қуёш электр станцияси фойдаланишга топширилди

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига сафарини Кармана туманидан бошлади. Давлатимиз раҳбари бу ерда барпо этилган янги қуёш электр станциясини ишга тушириш маросимида нутқ сўзллади:

“Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида сизлар билан бирга муҳим бир тадбирда йиғилиб турибмиз. Бугун Кармана туманида “яшил энергетика”га ўтиш йўлидаги биринчи қадам бўлмиш  қуввати 100 мегаВатт бўлган  замонавий қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилмоқда. Барчангизни ана шу қувончли воқеа билан чин қалбимдан табриклайман. Аввало, ушбу лойиҳа доирасида қисқа муддатда – бир ярим йил ичида катта ҳажмдаги ишлар бажарилганини таъкидлаш лозим. Хусусан, 110 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилиб, 300 мингта қуёш панеллари ўрнатилгани чиндан ҳам саноатимиз тарихида жуда катта воқеадир. Бу ерда йилига 252 миллион килоВатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг ҳисобидан 80 миллион куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна буғланувчи газлар чиқишининг олди олинади.”