Муҳаммад Алининг набираси биринчи жангида нокаут билан ғалаба қозонди

Оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, америкалик бокс афсонаси Муҳаммад Алининг набираси Нико Али Уолш ўзининг биринчи жангида рақиби Жордан Веексни техник нокаут билан мағлуб этди.

21 ёшли Нико Али – Роберт Уолш ва Муҳаммад Алининг қизи Рашида Али Уолшнинг ўғли. У ўзининг биринчи профессионал шартномасини ўтган йилнинг июнь ойида имзолаган.

Кеча кечқурун АҚШнинг Оклахома шаҳрида бўлиб ўтган профессионал бокс бўйича биринчи жангнинг биринчи раунди ўрталарида Нико Али рақибини нокаутга учратди, ҳакам бу раунднинг бир дақиқа 49 сониясидан сўнг жангни тўхтатди.

ESPN ёш боксчининг “Мен, албатта, бобом ҳақида кўп ўйлайман ва уни соғинаман”, – деган сўзларини келтиради.

Кўп ютуқлар соҳиби Муҳаммад Али 2016 йил июнь ойида вафот этди ва набираси уни “ҳозирги кунгача энг буюк боксчи” деб таърифлаган.

Бобоси изидан бормоқчи бўлган ёш боксчи қўшимча қилди: “У шу пайтгача пайдо бўлган энг буюк боксчи ва балки энг буюк одам”.