Moderna вакцинасининг самарадорлиги ҳақида маълумот берилди

Moderna Inc. ўзининг COVID-19 га қарши вакцинасининг иккинчи дозасидан олти ой ўтгач, 93 фоизга яқин самарадорлигини сақлаб қолиши ҳақида хабар берди. Ушбу маълумот дастлабки клиник синовларда аниқланган 94 фоиз самарадорликдан деярли ҳеч қандай фарқ қилмаслигини кўрсатди.

Pfizer Inc. ва BioNTech SE маълумотларида келтирилишича, уларнинг вакциналари билан эмланиш самарадорлиги ҳар икки ойда 6 фоиз атрофида пасайиб, иккинчи дозадан олти ой ўтгач самарадорлик 84 фоизгача камайган.

Moderna ва Pfizer-BioNTech вакциналари RNK (mRNA) технологиясига асосланган.

“Аммо, қишки мавсумдан олдин одамлар кучайтирувчи дозани олишлари керак бўлади, чунки антитаналарнинг даражаси ўша вақтга қадар пасайиши мумкин”, – деди Moderna.

Шу билан бирга, Pfizer ой охирида учинчи дозани қўллаш учун рухсат олишни режалаштирмоқда. Исроил каби баъзи мамлакатлар эса кекса ёки иммунитети ҳимоясиз одамларни учинчи марта эмлашни бошладилар ёки режалаштирмоқдалар.

Moderna бу йил учун 20 миллиард долларлик шартномаларни имзолаган ва 800 миллиондан 1 миллиард дозагача вакцина ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Корхона 2022 йилда ҳам 20 миллиард долларга тенг келишувларга эга ва келгуси йилда 2 миллиарддан 3 миллиардгача вакцина ишлаб чиқариши кутилмоқда.

Бироқ, компания бу йил 3 миллиард доза вакцина ишлаб чиқаришни режалаштирган ва 2021 йилги сотувлар ҳажми 33,5 миллиард доллардан ошишини кутаётган анча катта рақиби Pfizer ни ортда қолдира олмади.