Маҳмуд Аббос ўн йил ўтиб Исроилнинг юқори мартабали расмийси билан учрашди

Якшанба куни кечқурун Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Исроил мудофаа вазири Бенни Ганц билан учрашди.

Бу Исроилнинг собиқ бош вазири Бенямин Нетаняху даврида ўзаро алоқалар тўхтатилганидан сўнг, Фаластин раҳбари ва Исроилнинг юқори мартабали амалдорлари ўртасида ўн йилдан ошиқ вақт ичидаги биринчи учрашув бўлди.

Жаноб Ганцнинг айтишича, учрашув у АҚШдан қайтганидан бир неча соат ўтиб содир бўлган ва Фаластин маъмурияти иқтисодиётини яхшилаш йўлларини топишга қаратилган.

“Бугун кечқурун мен Фаластин маъмурияти раиси Маҳмуд Аббос билан учрашдим, хавфсизлик сиёсати, фуқаролик ва иқтисодий масалаларни муҳокама қилдим”, – деб ёзди жаноб Ганц Твиттерда. “Мен жаноб Аббосга Исроил Фаластин маъмурияти иқтисодиётини мустаҳкамлайдиган чоралар кўрмоқчи эканлигини айтдим.”

Фаластин маъмуриятининг фуқаролик ишлари бўйича умумий идораси раҳбари ва жаноб Аббоснинг яқин ишончли вакили Ҳусайн ал-Шайх учрашув бўлганини тасдиқлади. Унинг айтишича, музокара Фаластин-Исроил муносабатларининг “барча жиҳатларини” қамраб олган.

Haaretz газетасининг ёзишича, учрашув Исроил томонидан босиб олинган ва маъмуриятнинг бош қароргоҳи жойлашган Ғарбий Соҳилдаги Рамаллоҳ шаҳрида бўлиб ўтган.