Камбоджаликлар қонсизликдан темир балиқ ёрдамида даволанишади

Канада университети битирувчиси Кристофер Чарльз бундан 6 йил аввал Камбоджага келганида, аҳолининг деярли ярми қонсизликдан азоб чекаётганига гувоҳ бўлади. Қонда темир моддаси етишмаслиги туфайли келиб чиқадиган бу касалликнинг асосий сабаби эса – Камбоджаликларнинг асосан гуруч ва балиқ истеъмол қилиб, темирга бой маҳсулотларни емасликларидир.

Доктор Кристофер бу муаммони ҳал қилишга уринади ва янги кашфиётга қўл уради. Чунки Камбоджаликларнинг кўпчилигини темир моддали дорилар сотиб олишга қурби етмас ва дори ичишни ҳам ёқтирмас эди. Шу сабабли ҳам анъанавий усуллар билан қонсизлик муаммосини ҳал қилиш мумкин эмас эди.

Доктор Кристофернинг ихтироси – темирдан ясалган кичик балиқча бўлиб, уни овқат тайёрланаётган қозон ичига солиб 10 дақиқа қайнатиш кифоядир. Балиқчанинг оғирлиги 200 грамм бўлиб, узунлиги 7,6 сантиметрдир. У махсус технология асосида Камбоджанинг ўзида тайёрланади. Битта балиқ 5 йил давомида бир оиланинг темирга бўлган кундалик эҳтиёжининг ¾ қоплаши мумкин.