ЖССТ: Афғонистонда тиббиёт таъминотининг атиги бир неча кунлик заҳираси қолган

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Афғонистоннинг 34 провинциясидаги 2200 та соғлиқни сақлаш муассасалари ҳолатини таҳлил қилар экан, заҳирада бир неча кунлик дори-дармонлар қолганлигини аймоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Шарқий Ўрта Ер денгизи минтақаси, фавқулодда вазиятлар бўйича директори, доктор Рик Бреннан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг матбуот анжуманида тиббий буюмлар Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф халқаро аэропорти орқали келиши кераклигини айтди.

У “Энг ёмон янгилик шундаки, бу муассасалардаги соғлиқни сақлаш учун зарур бўлган тиббий буюмлар тезда тугаяпти ва ЖССТ ҳозирда бу эҳтиёжларни қондира олмайди” дея қўшимча қилди.

Матбуот анжуманида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси вакили Руперт Колвил пайшанба куни ИШИД террорчилик гуруҳининг Кобул аэропорти атрофидаги терактини қоралади.

Бреннаннинг айтишича, Кобул аэропортидаги ҳаво операцияси орқали ўн минглаб афғонлар эвакуация қилинаётган бўлсада, миллионлаб одамлар мамлакатда қолади ва ЖССТ уларга ёрдам беришда давом этади.

ЖССТ расмийсининг таъкидлашича, сўнгги воқеалардан олдин ҳам Афғонистон дунёдаги учинчи йирик гуманитар ҳалокат ёқасидаги давлат бўлган. Мамлакатда 18 миллиондан ортиқ одам COVID-19 пандемияси пайтидаги зиддият, кўчиш ва қурғоқчиликка дучор бўлган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женевадаги Ахборот хизмати директори Алессандра Веллуччининг хабар беришича, Афғонистонда БМТнинг 100 дан ортиқ халқаро ходимлари ва 3000 нафарга яқин маҳаллий ишчилари бор.