Жазоирдаги ўрмон ёнғинларида 42 киши ҳалок бўлди

Жазоир пойтахти Жазоир шаҳридан 100 км. узоқликда жойлашган тоғли Қобилия вилоятида ва яна бир нечта ерларда айни пайтнинг ўзида ўнлаб ёнғинлар бошланган.

Мазкур табиий офат туфайли ёнғинни ўчиришга уринган маҳаллий аҳоли вакиллари ва аскарлардан камида 42 нафари ҳалок бўлган.

Ўрмон ёнғинлари Жазоирда 9 август душанба куни бошланди. Мамлакат ҳукумати маҳаллий аҳолига ёрдам бериш учун ҳарбийларни юборди.

Жазоир президенти Абдулмажид Теббоннинг сўзларига қараганда, аскарлар Қобилиянинг икки туманида 100га яқин инсонни қутқаришган. Аммо ҳарбийлардан камида 25 нафари бу операциялар жараёнида ҳалок бўлган.

10 август куни вилоятга мамлакат Ички ишлар вазири Камол Белжуд етиб келган. У ёнғинларни атай уюштирилган деб тахмин қилмоқда.