Иқлим ўзгариши туфайли баъзи мамлакатлар йўқ бўлиши мумкин

Greenpeace Australia Pacific ташкилотининг тадқиқотлар бўлими бошлиғи Никола Казуленинг айтишича, иқлим ўзгариши ва глобал исиш туфайли баъзи мамлакатлар харитадан бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин. У бу ҳақда The Guardian газетасига берган интервьюсида ҳикоя қилган.

“Ҳаво даражасининг одатдагидан 1,5 С.га кўтарилиши денгиз сатҳининг ҳам кўтарилишига сабаб бўлади. Шу туфайли Тинч океаннинг Кирибати, Вануату ва Сулаймон ороллари каби айрим орол давлатлари яшаш учун яроқсиз ҳолга келади”, – деди олим.

Казуленинг сўзларига кўра, Тинч океани мамлакатлари узоқ вақтдан бери кучли циклонлар ва сув қуйилишларидан, қурғоқчилик ва грунт сувларининг шўрлашиб кетишидан азият кўрмоқда. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалигига жиддий зарар бермоқда. Яна бир муаммо эса – денгиз сатҳининг кўтарилиши туфайли кўплаб ороллар сув остига чўкиб боришидир. Ҳаво ҳароратининг ошиши билан бирга табиий офатлар ҳам тобора шиддатлашиб бораверади.