Инсоният учун ҳалокатли белги: БМТ иқлим ҳалокатларидан огоҳлантиради

Юзлаб таниқли олимлар душанба куни инсоният фаолияти натижасида иқлим ўзгариши дунёга қандай хавф туғдириши ҳақида ҳалокатли ҳисобот эълон қилишди.

“Инсоният учун қизил код” деб номланган ушбу муҳим ҳисобот Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро гуруҳи томонидан Швейцариянинг Женева шаҳрида эълон қилинди.

Дунё иқлимида юз берган мисли кўрилмаган ўзгаришларнинг аксарияти минглаб, ҳатто юз минглаб йиллар мобайнида содир бўлмаган. Бўрондан тортиб иссиқ ҳаво ҳодисаларининг ёмонлашиши ва тез-тез юз бериши кутилмоқда.

Далиллар шуни кўрсатадики, карбонат ангидрид (СО2) иқлим ўзгаришининг асосий қўзғатувчиси, шунингдек, бошқа иссиқхона газлари ва ҳавони ифлослантирувчи моддалар ҳам бунда муҳим роль ўйнайди.

3000 саҳифадан иборат ҳисобот “сайёрамизнинг келажаги тўғрисида мисли кўрилмаган даражада аниқ тасаввур беради ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва охир-оқибат йўқ қилиш зарурлигини кўрсатади”, – дейди “Breakthrouhg” институти ходими Зеке.

“Ушбу ҳисобот сизни ваҳимага солиши керак”, – деди Жаҳон Ресурслар Институтидан Ҳелен Моунтфорд.

Дунёнинг 200 га яқин давлати аср охиригача иқлим исишини 2 даражадан паст, идеал ҳолда 1,5 даражадан пастроқ ушлаб туришга қаратилган Париж иқлим келишувига имзо чеккан.

Ҳисоботда келгуси ўн йилликларда иқлим ўзгариши барча минтақаларда кучайиши айтилган. Глобал иқлим 1,5 даражага исийдиган бўлса, иссиқлик тўлқинлари кучаяди, иссиқ мавсумлар узоқроқ бўлади ва совуқ фасллар қисқаради. Ҳисоботда айтилишича, иқлим исиши 2 даража бўлганида, ҳаддан ташқари иссиқлик қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш учун жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.

Ҳисобот Шотландиянинг Глазго шаҳрида ўтказиладиган йирик иқлим конференциясидан уч ой олдин эълон қилинди.