Гутерриш: Афғонистондаги тараққиёт ва умид таҳдид остида

Оммавий ахборот воситаларида ёритилишича, якшанба куни Толибон пойтахт Қобулни босиб олгач Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва бошқа расмийлар мамлакатни тарк этишди. Минглаб одамлар ўз уйлари ва мол-мулкларини ташлаб, Афғонистондан чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқдалар.

“Кўп нарса хавф остида – тараққиёт, умид… Бу қийин вазиятда мен барча томонларни, хусусан, Толибонни максимал тийилишга чақираман”, – деди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бошлиғи.

Бош котиб тинч аҳолини ҳимоя қилиш, шунингдек, гуманитар ташкилотларга ёрдамга муҳтож Афғонистон халқи олдига тўсиқсиз киришни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

“Мен, шунингдек, барча мамлакатларни афғон қочқинларини қабул қилишга ва уларни депортация қилмасликка тайёр бўлишга чақираман”, – деди бош котиб.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Толибон назорати остидаги ҳудудларда бўлган БМТ ходимларига ҳурмат билан муносабатда бўлишмоқда. “Биз Толибонни шундай руҳда давом этишга ва дипломатик элчиларнинг дахлсизлигини ҳурмат қилишга чақирамиз”, – деди Гутерриш.

Афғонистоннинг БМТдаги доимий вакили Ғулом Исакзай Хавфсизлик Кенгаши ва БМТ Бош котибини Толибоннинг афғонларни ўлдиришига, инфратузилмани, жумладан музей экспонатларини вайрон қилишига ва мамлакат аҳолисининг ҳуқуқларини поймол қилишига йўл қўймаслик учун барча имкониятлардан фойдаланишга чақирди.

Афғонлар хавфсиз ва муносиб шароитда яшашга лойиқдир. Бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас Гринфилд Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида маълум қилди.

Томас Гринфилд нафақат қуролли тўқнашувдан, балки қурғоқчилик ва COVID-19 пандемиясидан ҳам азият чекаётган Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш зарурлигини эслатди.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили эса “ваҳимага берилмаслик керак” деб ҳисоблайди. Василий Небензянинг таъкидлашича, Толибон ҳужуми пайтида оммавий қон тўкилишига йўл қўйилмаган ва толибларнинг ўзлари тинч аҳоли ва хорижий дипломатик ваколатхоналар ходимларининг хавфсизлиги кафолатларини тасдиқлаган. Россиянинг Қобулдаги элчихонаси одатдагидек ишлашда давом этмоқда. Толибонга нисбатан кейинги қадамлар “вазиятнинг ривожланиши ва уларнинг аниқ ҳаракатларига қараб белгиланади”, деб таъкидлади дипломат.

Шу билан бирга, Россия Афғонистонда давом этаётган террорчилик таҳдидидан, жумладан “ИШИД-Хуросон” гуруҳи таъсиридан хавотирда. Небензянинг сўзларига кўра, унинг фаолияти мамлакатдан ташқарига чиқиб кетиши ва Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар хавфсизлигига дахл қилиши мумкин. Афғонистондан қочқинлар оқими, дея огоҳлантиради Россия элчиси, “қўшни республикаларга, жумладан, Тожикистон, Ўзбекистон, Эрон ва Покистонга қўшимча юк” бўлиши мумкин. У, шунингдек, бу мамлакатларга жангарилар қочқинлар ниқоби остида кириб келиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирди.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган маслаҳатлашувлардан сўнг, Хавфсизлик Кенгаши аъзолари матбуотга Афғонистондаги жанговар ҳаракатлар ва зўравонликнинг ҳар қандай шаклини зудлик билан тўхтатиш, конституциявий тузум ва хавфсизликни тиклаш, миллий ярашувга интилиш ва шошилинч чоралар кўриш тўғрисида баёнот берди.

Бундан ташқари, Хавфсизлик Кенгаши аъзолари Афғонистон ҳудуди террорчилар учун платформа сифатида ишлатилмаслиги кераклигини таъкидладилар.