Германияда минглаб одамлар вакцина ўрнига “шўр-сув” қабул қилган

Германия шимолидаги ҳукумат вакиллари 8000 дан ортиқ фуқаролардан коронавирусга қарши такрорий эмланишни сўрашди, чунки ҳамшира кўп ҳолларда вакцина билан эмлаш ўрнига “шўр сув” (натрий хлорид, физиологик аралашма) қўллаганликда гумон қилинмоқда.

Полиция Шимолий денгиз соҳилида жойлашган Фризландия шаҳридаги эмлаш марказида ишловчи ҳамширанинг ҳаракатларини текширмоқда.

Дастлаб март ва апрел ойларида атиги олти киши ушбу эритмани қабул қилган деб ишонилган.

Қайта вакцина олиш сўралганларнинг аксарияти 70 ёшдан ошган хавф гуруҳига кирувчи шахслардир.

НДР минтақавий телерадиокомпаниясининг хабар беришича, 8557 кишидан такрорий эмлаш учун марказга қайтиш сўралган ва ҳозиргача 3600 га яқин фуқаролар билан учрашув саналари тасдиқланган.

Ҳамшира апрел ойида вакцина флаконини ерга тушириб юборганини яшириш мақсадида олти кишига тузли эритма йўллаганини тан олди.

Аммо Полиция тергови бошланганидан сўнг, Pfizer/BioNTech вакцинаси ўрнига кўп одамларга тузли эритма берилгани маълум бўлди.

Полиция ҳамширанинг ҳаракатига сиёсий омиллар сабаб бўлиши мумкинлигини инкор этмаяпти, лекин унинг адвокатлари буни рад этишди.

Ҳозирда кўплаб гувоҳлар сўроқ қилинмоқда ва бу иш бўйича ҳали айблов эълон қилинмаган.