Германия ва Франция ЖССТ талабини эътиборсиз қолдирмоқчи

Германия ва Франция сентябрь ойидан бошлаб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бутун дунё бўйлаб кўпроқ одамлар эмланмагунча учинчи марта вакцинациялаш жараёнини тўхтатиб туриш ҳақидаги мурожаатини инобатга олмаган ҳолда, COVID-19 га қарши кучайтирувчи вакцинация қилиш тизимини ишга соладилар.

Франция Президенти Эммануэл Макроннинг айтишича, Франция сентябрь ойидан бошлаб кекса ва хавф гуруҳига кирувчиларга COVID-19 вакцинасининг учинчи дозасини тарқатиш устида ишламоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, Германия ҳам сентябрь ойидан бошлаб иммунитети пасайган беморларга, кексалар ва қариялар уйларида учинчи дозани қўллашни режалаштирмоқда.

ЖССТ раҳбари Тедрос Аденом Гебреесус чоршанба куни бой ва ривожланган давлатлар глобал вакцина таъминотидан кўпроқ фойдаланишлари мумкин эмаслигини айтиб, ҳеч бўлмаганда сентябрь ойининг охиригача вакциналарнинг учинчи дозасини қўллаш жараёнини тўхтатиб туришга чақирди.

Ташкилотнинг маълумотларига кўра, юқори даромадли мамлакатлар май ойида ҳар 100 кишига 50 дозадан вакцина юборишган. Ҳозирга қадар бу кўрсаткич икки баравар кўпайган.

Ривожланаётган ва камбағал мамлакатлар эса таъминот етишмаслиги туфайли ҳар 100 кишига 1,5 дозадан вакцина қўллашган холос.

Франция ва Германия давлатлари шу пайтгача ўз аҳолисининг 64,5% ва 62% га камида битта COVID-19 вакцинасини қўллаган бўлса, 49% французлар ва 53% немислар тўлиқ эмланган.