ДХА: Буюк Ипак йўлидаги қадим Карманада яна бир янги иншоот

Давлат хизматлари агентлигининг ҳар бир қутлуғ айёмда фуқароларга ўз совғаси бор. Мустақилликнинг 30 йиллиги айёмига муносиб туҳфа сифатида халққа узоқ йиллар хизмат қиладиган, ноанъанавий меъморий ечимда барпо этилган Кармана тумани Давлат хизматлари маркази давлат хусусий шериклик асосида қурилиб, ҳалқ ихтиёрига фойдаланиш учун топширилди. Марказ 2 йил давомида мустаҳкам қилиб қурилди. Танланган манзил ҳам одамлар гавжум бўлган ҳудудда жойлашган. Маҳаллий инвестор Хуршиджон Пардаев томонидан 1100 квадрат метр майдонда қурилган бино 5 қаватдан иборат. Турар уй-жойнинг биринчи қаватида бунёд этилган марказ аҳоли ва тадбиркорлар, тизим ходимлари учун ҳам қулайлик яратиши шубҳасиз.

Жорий йилнинг ўзида Кармана тумани Давлат хизматлари маркази орқали фуқароларга 27 мингга яқин давлат хизмати кўрсатилган. Шундан жами 418 та юридик корхона, 429 нафар якка тартибдаги тадбиркор, 116 та оилавий корхона, 341 та хусусий корхоналар қайта рўйхатдан ўтказилган.
Бу кўрсаткичларни келтиришдан мақсад, олинган маълумотларга кўра хизматнинг 70 фози марказнинг ўзига келиб олинган. Албатта бундай иш кўлами жараёнида ходимлар, хизмат олувчилар учун марказнинг аввалги биноси торлик қилган. Энди бундай ноқулайликлар ортда қолди.

Тантанада туман аҳли, жамоатчилик, журналист ва блогерлар иштирок этди. Карманалик нуроний Абдурасул Шарипов асли қурувчи бўлгани ва бундай гўзал иморатни ҳали Карманада кўрмагани хусусида севинч билан гапирди. -Айниқса, марказ аввалгидай иккинчи эмас, биринчи қаватда жойлашгани ёши улуғлар ва ногиронлар, касалмандлар учун яхши бўлибди. Қойил! Тўловиниям шу ерда қиласиз, невара билан келсам боламниям майдончага ўйнатиб кетаман, дейди отахон.

Марказ мўъжазгина ва ихчам қурилган. Унда 8 та давлат хизмати кўрсатиш учун қабул ойнаси, электрон навбат, кутиш манзили, 3 та монитор, тўлов амалга ошириш учун касса, болалар майдончаси, китоб жовони, мажлислар хонаси дид билан замонавий тарзда безатилган. Адлия хизмати кўрсатиш учун алоҳида ҳудуд, бош вазир қабулхонаси ва архив маълумотлари сақлаш хоналари мавжуд. Марказдаги ҳар бир интерьер услуби бетакрор. Бу бино аҳоли мурожаатларининг бир манзилда ечим топишига қулай манзил. Тизим доим халқ розилиги учун фаолият олиб боради.

ДХА Навоий вилояти бошқармаси