Динозаврларни йўқ қилиб юборган астероид макони аниқланди

Жануби-ғарбий тадқиқот институтининг (Сан-Антонио, Техасда жойлашган. АҚШнинг энг қадимий ва энг йирик мустақил нотижорат амалий тадқиқот ташкилотларидан бири) янги илмий изланиш натижаларига кўра, 66 миллион йил олдин динозаврларнинг йўқ бўлиб кетишига сабабчи бўлган астероид, Қуёш тизимидаги асосий астероид камарининг ташқи ярмидан келган бўлиши мумкин.

Chicxulub зарбаси деб номланувчи бу улкан объектнинг тахминий кенглиги 6 милни (9,6 километр) ташкил қилган. У Мексиканинг Юкатан ярим оролида 90 миль (145 километр) кенгликдаги кратерни ҳосил қилган. Астероид Ер билан тўқнашганидан сўнг, нафақат динозаврларни, балки сайёрадаги ҳайвонот турларининг 75 фоизини йўқ қилиб юборган. Қайд этиш керакки, кучли портлаш мезозой даврига якун ясаб берган.

Ерга қулашидан олдин, ушбу астероид бошқа турдошлари каби қуёш атрофида, асосий астероид камари бўйлаб айланиб чиққан. Тадқиқот эълон қилинишидан олдин, олимлар Ерга қулаган астероидлар камдан-кам ҳолларда камардан қочиб қутулган деб ўйлаганлар. Бироқ, тадқиқотчилар узоқроқ масофада жойлашган астероидлар учун камардан “қочиш туйнуклари”ни Ер орбитасидан чиқадиган иссиқлик кучлари яратиши мумкинлигини аниқладилар.

Олимлар Chicxulub астероидини кенгроқ миқёсда тадқиқ қилар эканлар, диаметри олти миль масофалик астероидлар ҳар 250 миллион йилда бир марта Ер билан тўқнашишини тахмин қилдилар.

Янги тадқиқот тафсилотлари Icarus журналининг 2021 йил ноябрь сонида эълон қилинади.