“Blue Origin”дан тажрибали ходимлар кетиб қоляпти

NASA SpaceX га 2,9 миллиард долларлик Артемис – америкалик астронавтларни Ойга қўндириш лойиҳаси бўйича шартномани топширганидан бир неча ҳафта ўтгач, Blue Origin камида 17 нафар юқори тажрибали ходимларини йўқотди.

Blue Origin компаниясининг камида 17 нафар юқори лавозимли ходимлари компанияни тарк этди. Уларнинг кўпчилиги корхонага эгаси Жефф Безос коинотга чиқиб келганидан бир неча ҳафта ўтгач кетиб қолишган, дея хабар бермоқда CNBC.

Инсайдер Кейт Даффининг берган маълумотига кўра, Blue Origin дан кетган ходимлар Элон Маскнинг SpaceX корхонасига қўшилишмоқчи.

CNBCнинг хабар беришича, юқори лавозимли ходимларнинг кетиши корхона тарихидаги ягона ҳодиса эмас. Бошқа кўплаб муҳандислар ва асосий раҳбарлар ҳам компаниядан чиқиб кетишган.

Кетганларнинг бир нечтаси NASA билан Ойга қўниш бўйича шартнома тузишга ҳаракат қилган жамоанинг аъзолари бўлган.

Fox Business ҳам ўнга яқин ходимларнинг ишдан кетганини тасдиқлади.

Сўнгги йилларда Безоснинг космик компанияси ходимлар таркиби тез суръатлар билан ўсиб бормоқда эди. 2020 йил бошидан бери Blue Origin га 1500 нафарга яқин ходимлар қўшилганди, деди корхона матбуот котиби CNBCга берган интервьюсида.

NASA апрель ойида SpaceXга Артемис миссияларини бажариш учун 2,9 миллиард долларлик шартнома берилишини эълон қилганидан кейин, кетиш суръати кўзга ташлана бошлади.

Blue Origin шу ой бошида NASAни федерал даъво бўйича судга бераётганини ва ўз шикоятида агентлик корхона таклифларини тўғри баҳоламаганини айтди. Ўтган ҳафта NASA ойга қўниш шартномасини ноябрь ойигача тўхтатиб қўйди.

Июль ойида Безос корхона томонидан ишлаб чиқилган кемада космосга чиққан. Бу унинг компаниясининг биринчи экипажли космик парвозини бўлди. Blue Origin нинг сафари муваффақиятли амалга оширилгач, ходимларнинг ҳар бирига 10 минг доллар миқдорида бонус тўлаб берилган.