Бир йил давомида очликни ҳис қилмаган аёл

Канадалик бир аёл инсультни бошидан кечирганидан кейин бир йил давомида очлик туйғусини йўқотди. Бу тарихда биринчи марта қайд этилган ҳолат, деб ёзмоқда Neurocase илмий журнали, Монреал университети мутахассисларининг хулосаларига таяниб.

28 ёшли ҳомиладор аёл тананинг ўнг томони фалажлиги ва нутқнинг бузилиши ташхиси билан касалхонага ётқизилган. Шифокорлар МРТ ёрдамида миянинг чап қисмида ўткир ишемик инсультини аниқладилар.

Касалхонадан чиқарилгандан сўнг, бемор фақат ацетилсалицил кислотасини қабул қилган холос. Олти ой ўтгач унинг аҳволи яхшиланган. Лекин, у бу вақт ичида ҳеч қачон очликни сезмаганини ва шунинг учун овқатланиш пайтларини кўп ҳолларда ўтказиб юборганини пайқаб қолган.

Шифокорлар бунинг сабабини аниқлаш мақсадида текширув ўтказдилар ва улар ҳатто танада керакли миқдордаги калория етишмаслик ҳолатида ҳам бемор овқатланиш вақти келгани ҳақида ҳеч қандай физиологик сигнални сезмаганлигини аниқладилар.

Аёл инсультдан 15 ой ўтгач, яна очликни ҳис қила бошлади. Бу даврда у ўн килограммга озишга эришган.

Тадқиқот раҳбари Данг Ҳоа Нгуеннинг таъкидлашича, касаллик сабаби таъм билиш сигналлари, иштаҳа ва энергия мувозанатини қайта ишлаш учун жавоб берадиган мия қисмининг шикастланиши бўлган.