Бадахшонда 27 тумандан 25 таси Толибон қўлига ўтган

Афғонистоннинг Pajhwok ААнинг хабар беришича, чоршанба куни Толибон жангарилари мамлакат шимолидаги Бадахшон вилоятининг маркази – Файзобод шаҳрини ишғол қилган.

Агентлик берган маълумотларга кўра, юқори мартабали афғон амалдорлари жангариларнинг 9 та шимолий вилоятдан еттитасининг марказини назорат қилаётганини айтишган. Ҳукумат кучлари ихтиёрида Балх ва Фарёбнинг марказлари бўлган Мозори Шариф ва Маймана қолган. Шаҳарни ишғол қилиш жараёнида 20 нафар жангари ҳалок бўлган.

Бадахшонда 27 тумандан 25 таси Толибон қўлига ўтган. Ҳукумат кучлари керакли ёрдам ва қўшимча кучларни вақтида ололмагани учун Файзободдан чекинишга мажбур бўлган. Сешанба куни эса жангарилар Фарах ва Боғлон вилоятларининг марказлари бўлган Фарах ва Пули Хумрига ҳам кириб келган. Жанубдаги Қандаҳор ва Ҳилманд вилоятларида эса шиддатли жанглар давом этмоқда.