Astroscale орбитада космик чиқинди йиғиш тизимини синовдан ўтказди

Япониянинг Astroscale стартапи “ELSA-d – космик тозаловчи” аппаратини синовдан ўтказди. У коинотдаги сунъий йўлдош қолдиқ моделини муваффақиятли қўлга киритди. Миссиясининг биринчи босқичи шу билан якунланади.

ELSA-d тизими жорий йилнинг 22 март куни орбитага чиқарилганди. 175 килограммли асосий сунъий йўлдош билан бир қаторда, чиқинди модель – 17 килограммлик куб шаклидаги сунъий йўлдош магнитли уланиш пластинкаси билан бирга очиқ фазога олиб чиқилди. 25 август куни ўтказилган тажрибада, ердаги марказ операторлари тутиб олиш механизмини масофадан туриб очдилар. Асосий модул “чиқинди йўлдош”ни тутиб олди. Иккала аппарат қолдиқларни йиғиш учун мўлжалланган магнитли тизим воситасида бирлаштирилди.

Инсоният шу вақтга қадар орбитага 11 мингдан ортиқ сунъий йўлдош чиқарган, улардан 7 мингтаси орбитада қолган ва шулардан атиги 3,4 мингга яқини ҳали ҳам фаолият кўрсатади.

Европа космик агентлиги маълумотларига кўра, орбитада ҳозирда ўлчамлари 10 смдан ошадиган 34 мингдан зиёд космик чиқиндилар, ўлчамлари 1-10 см бўлган 900 мингга яқин бўлаклар ва 1 ммдан 1 смгача бўлган 128 миллионга яқин объектлар мавжуд.