Ашхободда туркман-ўзбек дўстлигига бағишланган парк очилади

Ашхободнинг Махтумқули проспектида Туркманистон ва Ўзбекистон дўстлигига атаб “Тошкент” маданият ва ҳордиқ парки қурилади. Қурилиш майдончаси сифатида эса “Гюнеш” паркининг ҳудуди танланган.

Лойиҳа муаллифи Туркманистон Ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар уюшмаси аъзоси бўлган “Зеҳинли иш” хўжалиги бўлиб, у аллақачон қурилиш ишларини бошлаб юборди.

Парк ҳудуди тахминан 30000 кв.м. бўлиб, у ҳашаматли ландшафт боғдан иборат бўлади. Унда ўзбек пойтахтининг энг машҳур биноларини эслатувчи 20га яқин объектлар қурилиши режалаштирилган. Паркка киришда Тошкентдаги Мустақиллик майдонидаги каби “Эзгулик” аркаси ҳам бўлади.

Паркда очиладиган ресторанда ўзбек миллий таомлари пиширилади. Яна бир муҳим объектнинг эса Тошкентнинг машҳур телеминорасини нусхаси бўлиши кутилмоқда.

Паркдаги фавворалар ўзбек чинни чойнаги ва пиёласи шаклида бўлиб, болалар учун турли кўнгилочар атракционлар, шунингдек “Бобур” экопаркининг ҳам қурилиши мўлжалланган.