Ашраф Ғани ва оиласи БАА да қаршиланди

Чоршанба 18-август куни БАА Ташқи Ишлар Вазирлиги берган расмий баёнотда “БАА Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва унинг оиласини инсонийлик асосида қаршилайди” дейилган.

 Собиқ афғон ҳукуматининг Тожикистондаги элчиси Зоҳир Ахбор Ғанининг суратини офисидан олиб ташлади ва уни ҳибсга олишни сўраб Интерполга мурожаат қилди.

Ғани жорий йилда Кобул университетида сўзлаган нутқида “Мамлакатни ҳар ким ташлаб чиқиб кетиши мумкин, аммо мен ундай одам эмасман. Афғонистон менинг уйим ва мозорим”, – деган эди.

Кобулда яшовчи Аҳмад Басит собиқ президентнинг мамлакатни ва инсонларни ташлаб қочишини “шармандалик” деб атади.

АҚШ собиқ президенти Дональ Трамп ҳам Ашраф Ғанининг мамлакатни ташлаб кетишини танқид қилган эди.

Бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари ва иқтисодчилар собиқ президентни Афғонистонга оид мол-мулкни талон-тарож қилишда ва халқ пулини ўмаришда айблаб, унинг қамоққа олинишини талаб қилишмоқда.

Ғанининг рафиқаси Рула Ғани ва иккинчи вице-президент Сарвар Донишнинг қаерда эканликлари ҳозирча номаълум. Аммо биринчи вице-президент ва ҳукумат бошқарувига талабгор Омонуллоҳ Солиҳ Донишнинг Афғонистонда эканлигини айтди.