АҚШда 5 кун давомида байроқлар туширилади

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки пайшанба куни Афғонистоннинг Кобул аеропортида уюштирилган ҳужум пайтида ҳалок бўлган америкалик аскарлар шарафига Америка байроқлари туширилишини эълон қилди.

“Ҳурмат белгиси сифатида Қўшма Штатлар байроғи 5 кун давомида Оқ Уйда ва АҚШ ва унинг ҳудудларидаги барча бинолар, ҳарбий обектлар, денгиз станциялари ва бошқаларда туширилади”, деди у Оқ уйдаги матбуот анжуманида.

Псаки, байроқлар кейинги душанба қуёш ботгунча устуннинг ярмида бўлишини қўшимча қилди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги пайшанба куни Кобул аеропорти атрофидаги портлашларда 90 дан ортиқ афғонистонликлардан ташқари 13 америкалик аскар ўлдирилганини эълон қилди.

Ғарб кучлари Афғонистондан эвакуация қилишни давом эттирмоқдалар, чунки пойтахтда бошқа портлашлар хавфи кучайган.