АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ директори: Афғонистонда 90-йилларнинг ссенарийси такрорланиши мумкин

АҚШ Марказий разведка бошқармаси ва АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлигининг собиқ бошлиғи, генерал Девид Петреус ўз мамлакатининг қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилиши туфайли қонли фуқаролар уруши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди.

Британиянинг The Times газетасига берган интервюсида Петреус шундай деди: “Энг ёмони, биз толиблар ғалаба қозонган 90 -йиллардаги каби қонли ва шафқатсиз фуқаролар урушини кўришимиз мумкин. “Ал-Қоида” гарчи яқин келажакда АҚШ ва Европага таҳдид солмаса-да, лекин Толибон Афғонистонни ўз назоратига олса, “Ал-Қоида”га осонроқ бўлади “, деди у.

Генералнинг таъкидлашича, агар Толибон Афғонистонни ўз қўлига олса, миллионлаб қочоқлар Покистонга ва бошқа мамлакатларга боради ва бундан ташқари, маҳаллий аҳоли, айниқса, аёлларнинг эркинликлари чекланиши мумкин.

Генералнинг қайд этишича, Қўшма Штатлар бир қисм қўшинларини қолдириб, улар ёрдамида фуқаролар урушининг олдини олиши мумкин эди, ҳозирги шароитда эса уруш давом этади ва вазият ёмонлашади.